01:29 Siz va ideal oila. | |
1-қадам Турмуш ўртоғингиз уйга келганида «Хуш келибсиз!» дея табассум ила қарши олинг. 2-қадам Ишдан, кўчадан келганида унга кўпроқ эътибор беринг, куни қандай ўтганлиги сиз учун жуда қизиқлигини билдиринг. Лекин бу қизиқиш «терговчи ва айбдор шахс суҳбати»га ўхшаб қолмасин. 3-қадам Турмуш ўртоғингиз уйга келганида барча ишларингизни бироз четга суриб, у билан ёнма-ён ўтириб суҳбат қуринг. Бундай суҳбатларга фарзандларингиз ҳам қўшилсин. Кун давомида қилинган ишлар, олинган таассуротлар ҳақида бўладиган дилкаш суҳбатлар, турли мавзулар бўйича мунозаралар оила аъзоларини янада яқинлаштиради. 4-қадам Ёрингиз уйда бўлмаганида уни соғинганингизни, уйга қайтишини сабрсизлик билан кутганингизни, келганидан жудаям қувонганингизни айтинг. 5-қадам Уйдан ишгами, бозоргами, қаергалигидан қатъи назар, кўчага чиқиб кетаётган турмуш ўртоғингизга юзингизда табассум ила оқ йўл тиланг. Хайрлашаётиб, уни интизорлик билан кутишингизни албатта айтинг. Ҳар қандай эркак ўзи меҳр билан кутилаётган хонадонга доим ошиқади. 6-қадам Муваффақиятга эришганида ҳам, ёки иши ўнгидан келмай турганида ҳам жуфти ҳалолингизга елкадош бўлинг. «Мен» ва «Сиз» сўзлари ўрнига «БИЗ»ни қўлланг. Турмушда «мен» олмоши «биз»га айланиши бир- бирингиз учун яшаётганингизни билдиради. 7-қадам Ҳар қандай вазиятда ҳақ бўлсангиз ҳам, тортишишга уринманг. Сурункали гап талашишлар эр-хотин ўртасидаги муҳаббатни сўндиради. Бундай ҳолатларда сукут сақланг. Бироз вақт ўтгач, хотиржамлик билан тўғри тушунтирсангиз, у сизни албатта тушунади. 8-қадам Бошқалар, айниқса, яқинлари, қариндошлари ва фарзандларингиз олдида турмуш ўртоғингизнинг шаъни, обрўсини ерга урманг. Аксинча, улар олдида ёрингизга кўпроқ ҳурмат кўрсатинг. 9-қадам Турмуш ўртоғингизга бошқа эркакларнинг ютуғини гапириб ўтирманг. Билингки, ҳар кимнинг ўз ютуғи ва камчиликлари бўлади. 10-қадам Агар сизнинг яқинларингиз эрингизга қандайдир ёрдам кўрсатган бўлишса, буни асло унинг юзига солманг, миннат қилманг. 11-қадам Унинг яқинлари, қариндошларини ҳурмат қилинг. Ота-онаси, опа- синглиси, ака-укаси, амма- холалари, борингки, дўстларининг ҳам камчиликларини айтиб юрманг. Бунинг барчаси ўзингизга қарши иш бериши аниқ. Яхшиси, уларни баъзида уйингизга таклиф этиб, меҳмон қилинг ва дуоларини олинг. 12-қадам Дўстлари, танишлари, қариндошлари билан кўришиб туриши, гап-гаштаклари, чойхонасига тўсқинлик қилманг, ҳадеб қистовга олаверманг. Бироқ ширинсўзлик билан якшанбани оиласига бағишлашини илтимос қилинг. Турмуш ўртоғингиз турли хил йиғинларига тўсқинлик қилмаётганингиздан уялиб ҳам бу илтимосингизга албатта ижобий жавоб қайтаради. 13-қадам Умр йўлдошингиз ва унинг оила аъзоларига нисбатан хизматларингизни айтиб, миннат қилманг. Аксинча, шундай қилингки, улар сизнинг ёрдамингизсиз ишлари унмаслигини тушуниб етишсин. 14-қадам Ўзингиз ишлаб топган пулни фақат ўзингизга сарфламанг. Турмушни ҳам моддий, ҳам маънавий бирдамлик гўзаллаштиради. 15-қадам Истакларингиз амалга ошишини жуда хоҳлайсизми? Унда овозингиздаги буйруқ охангини илтимос оҳангига алмаштиринг. 16-қадам Оилангизга Бутунжаҳон иқтисодий инқирози ўз таъсирини ўтказаётган бўлса, буни ҳадеб таъкидлаб, умр йўлдошингизни ранжитманг. Бу каби муаммоларни биргаликда ҳал этишга ҳаракат қилинг. 17-қадам «Онангни отангга бепардоз кўрсатма» мақолини доим ёдда тутинг. Турмуш ўртоғингизга чиройли кўриниш учун ўзингизга оро беринг. Ишдан келишидан аввал ёки уйда эканлигида чиройли ва ораста кийиниб юринг. 18-қадам Кайфиятсиз, жаҳлдор ёки хўмрайган ҳолда юрманг. Доим табассум ила юришга ва ҳулқингизнинг гўзал томонларини кўрсатишга ҳаракат қилинг. 19-қадам Ёрингизнинг нималарни ёқтириб- ёқтирмаслигини жуда яхши биласиз. Келинг, унга ёқадиган кўйлагингизни кийинг, пардоз ва турмакни ҳам у хоҳлагандек қилинг. Умр йўлдошингиз яхши кўрган таомни пишириб, у севувчи ширин табассумингизни ҳадя этинг. Қийин эмас, шундайми? Буни кўп-кўп такрорлаб туринг. 20-қадам Бир кам дунё эканлигини унутманг. Ҳеч биримиз айблардан холи эмасмиз. Агар турмуш ўртоғингиз бирор хато иш қилса, «Сизга айтгандим-ку», деб ўргатманг. Унинг вазиятини ҳам тушунишга ҳаракат қилинг. 21-қадам Сизни билиб-билмай ранжитиб қўйса, эрингиздан хафа бўлиб, узоқ вақт аразлаб юрманг. Аразингиз қанчалик чўзилса, муаммо ҳам чигаллашиб бораверади. Албатта ҳеч биримиз буни хоҳламаймиз, тўғрими? 22-қадам Хато қилганини англаб, узр сўраганида дарҳол қабул қилинг. Лекин кўнглингиз оғриганини, бундай хатоликлар бошқа қайтарилмаслигига ишонишингизни ҳам айтиб ўтинг. Шу билан бу ҳолатни бутунлай унутинг. Керак бўлиб қолар деб, хотирангизнинг бир бурчагида жой банд қилиб, хатоликларни асраб юрманг. 23-қадам Ўзингиз ҳам турмуш ўртоғингизнинг кўнглини оғритган ёки хафа қилган бўлсангиз, албатта узр сўранг ва кўпроқ меҳр кўрсатинг. 24-қадам Бирон-бир илтимосингизни ўз вақтида бажармаса, «Майли, ҳечқиси йўқ. Бу сафар бўлмаса, кейинги сафар», деб қўйинг. Кейинги гал ҳам унутса, сабр ва хотиржамлик билан яна бир бор эслатиб қўйинг. 25-қадам Аёл турмуш ўртоғидан муҳаббат кутгани каби ўзи ҳам унга муҳаббат кўрсатиши ва доим буни билдириб туришни унутмаслиги даркор. Бунинг ҳеч ҳам уят жойи йўқ. Умр йўлдошингизни севишингизни унга ҳар куни айтинг. Қўрқманг, «Сизни жудаям-жудаям севаман!» деган гапни ҳар куни айтиб, унинг оҳорини тўкмайсиз. Аксинча, қалбларингиздаги ишқни янада алангалатасиз. Маъқул билсангиз, сиз ҳам буларни албатта ҳаётда синаб кўринг. Шунда мен каби энг бахтиёр аёллардан бири бўласиз! manba: Uzbaby.uz | |
|
Sayt Menyusi
Bo'limlar
Teglar
Eng ko'p o'qilganlar
Материалов за текущий период нет.
Homiladorlik Taqvimi
Saytdan izlash
So'rovnoma
Saytga Kirish
Hisobot
Reklama