00:32 Агар ота-она ёшликда фарзандига қарамаган бўлишса, уларга яхшилик қилмаса ҳам бўлаверадими? | |
Савол: “Бир танишимнинг отаси бўла туриб, кичиклигидан амакисининг қўлида тарбия топиб, ўсиб-улғайган ва оила қурган. У амакисининг вафотидан сўнг ҳозирча отасининг олдига келиб турибди. Чунки ўша ердан иш топган. Унинг отаси ҳар ой ундан рўзғордан ташқари ҳам маошидан қандайдир миқдорда ўзи учун пул ажратишини сўрар экан. Бордию танишим оилавий шароити туфайли отасига пул бермаса отаси ундан аччиқланиб, койир экан. Дарвоқе, отаси мазкур йигитга бир тийин ҳам сарфламаган, балки у амакисининг қарамоғида улғайган. Саволим шундан иборат: мазкур йигит отасига пул бермаса, гуноҳкор бўладими ёки отаси унга ўз вақтида ҳақиқий оталик қилмагани учун ортиқча пул бермаса ҳам бўладими?” Жавоб : “Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ъала росувлиллаҳ... Савол берувчи биродаримизга бундай долзарб мавзуда сўз очганлари учун ташаккуримизни изҳор қилган ҳолда шуни айтамизки, дарҳақиқат, бу масала бугунги кунимизда ниҳоятда муҳим саналган масалалардан биридир. Ота-онага яхшилик қилиш ёхуд биррул-волидайн тушунчаси асрлардан бери халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Лекин, сўнги вақтларда оммавий маданият деб аталаётган ғарбона “маданият” тўфони таъсирида бундай қадимий қадриятларимизга футур етиб бораётгандек туюлмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, савол берувчи биродаримиз ўртага ташлаган масалада кўпчилигимиз ўзимиз билмаган ҳолда янглиш йўл тутамиз. Савол берувчи юртдошимиз саволда тилга олинган укамизга отаси томонидан ҳеч қандай нафақа сарфланмагани, балки амакисининг оталиғида тарбия топганини эслатган ҳолда, энди у йигит ўсиб-улғайиб кучга тўлгач, халқимиз тили билан айтганда қўли ишга, оғзи ошга етган бир вақтда отаси ундан ҳар ойги маошидан маълум миқдорда пул сўраётганини ва у йигит мабодо отасига пул беришдан бош тортса, унга гуноҳ бўлиш-бўлмаслиги ҳақида савол сўрамоқдалар. Яъни, тушунилган нарса шуки, фарзанд отасидан фарзандлик ҳақларини олмаган, бинобарин, у ҳам отасига нисбатан фарзандлик бурчларини нуқсон билан адо қилса бўладими, деган маънога урғу берилмоқда. Саволнинг моҳияти шундан иборат бизнингча. Мазкур ва унга ўхшаш ҳолатларда кўпинча кишилар хатога йўл қўядилар. Баъзилар “киши ўз ҳақ- ҳуқуларини тўлик ундириб олмагунча зиммасидаги вожиботларини ҳам адо этмасликка ҳаққи бор”, деб ўйлайдилар. Масалан, ота фарзандининг барча ҳақларини адо қилмаган бўлса, демак фарзанд ҳам отасига нисбатан ўз зиммасидаги бурчларини адо қилиши шартмас деб ҳисоблайдилар. Агар масалага айнан шу мантиқдан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, ҳаётда кўп нарса издан чиқиб кетган бўларди. Аёллар эрларининг, эрлар аёлларининг ҳуқуқларини бир-бирларининг ҳақларига мукаммал риоя қилмаётгани учун поймол қилишга, фуқаролар ҳам шундай важ билан бир-бирларига нисбатан зиммаларидаги бурчларига риоя қилмасликларига йўл очиб берилган бўларди. Кўриб турганимиздек, масалага бундай бир тарафлама ёндашиш хато. Аёл киши, гарчи эри унинг айрим ҳақларини адо қилишда камчиликка йўл қўяётган эса-да, эрининг ҳуқуқларини шу сабабдан поймол қилиши мумкин эмас. Шунингдек, фарзанд ҳар қандай ҳолат бўлганда ҳам ота-онасига яхшилик ва эҳсон қилишга буюрилгандир. Ҳатто ота-онаси Исломда бўлмаган тақдирда ҳам фарзанд уларнинг ҳуқуқларини имкон доирасида адо қилишга масъул. Мабодо ота-она фарзандга одатдаги эҳсонни, зоҳирий яхшиликни қилишмаган бўлса-да, масалан фарзанд ўқиб улғайиши учун керакли нафақаларни қилмаган ва фарзанд асосан бошқаларнинг қўлида парвариш топган бўлса ҳам, барибир фарзанднинг бу дунёга келишига унинг ҳақиқий ота-онаси сабабчи бўлганлар. Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидан сўнг фарзанднинг ёруғ дунё юзини кўришига сабабчи бўлганлар, албатта ота-онадир. Шу боис ҳам, гарчи ота-она қўли калталик ёхуд ҳаётга бироз енгил қараш ва шу каби камчиликлар туфайли фарзандига ўз вақтида керакли нафақа ва таъминотларини тақдим қила олишмаган бўлса ҳам барибир фарзанд отасига ҳам моддий жиҳатдан, ҳам маънавий жиҳатдан яхшилик қилишга масъул. Зеро, Аҳмад, Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен ҳам, сенинг молу давлатинг ҳам отангникидир!” деганлар. Ушбу ҳадиснинг айтилишига бир воқеа сабаб бўлган: бир йигит Набий алайҳиссалом ҳузурларига отасидан шикоят қилиб келиб, “Эй Расулаллоҳ, менинг молим ва болаларим бор. Лекин отам молу дунёимни совуришни хоҳлайди”, деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Албатта сен ҳам, сенинг молинг ҳам отангникидир!” дедилар. Ушбу ҳадис мазмунидан ҳам кўриниб турибдики, шикоят қилиб келган йигит бадавлат одам бўлади, лекин шу билан бирга ўз отасига нисбатан бахиллик қилади. Буни, яъни унинг бадавлат эканини “менинг молим ва болаларим бор” деган сўзидан билиб оламиз. “Лекин отам молу дунёимни совуришни хоҳлайди” деган сўзидан эса мазкур шахснинг отасига бахиллик қилиши ва отасининг унинг молидан олиб ишлатиши уни ниҳоятда беҳузур қилганини тушунамиз. Шу боис ҳам отаси унинг молидан олиб ўз эҳтиёжларига ишлатса, буни молни совуриш деб талқин қилади. Ҳадиснинг бошқа ривоятида келишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳалиги йигитнинг отасини чақиртириб, ўғли ундан шикоят қилаётганини айтиб, аҳволни тушунтириб беришини сўрайдилар. Ота давлатманд ўғлининг молидан олаётган бўлса, уни совуриш учун эмас, балки ўғлининг қийналган амма ва холалари учун ишлатаётганини айтади. Шунда Набий алайҳиссалом шикоят қилиб келган йигитга: “Албатта сен ҳам, сенинг молинг ҳам отангникидир!” дейдилар. Мазкурлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, саволда тилга олинган киши, гарчи отаси унга ўз вақтида инфоқ қилмаган бўлса ҳам у отасига имкон қадар эҳсон ва яхшиликлар қилмоғи лозим бўлади. У билсинки, отасига берадиган моли эҳсондир. Ота-онага қилинган эҳсон эса ибодат ҳисобланади. Зеро, ота-онага эҳсон қилишни Аллоҳ буюрган. Буюрганда ҳам бу ишни якка Ўзига ибодат қилиш ҳақидаги амру фармонидан сўнг зикр қилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Раббинг, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бириси ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма, уларни жеркима. Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотни паст тут – хокисор бўл ва: “Парвардигорим, мени гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб (ҳақларига дуо қил)!” (Исро сураси, 23-24 оятлар). Эътибор беринг, Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишни ота-оналарга яхшилик қилишга боғлаб зикр қилади. Шунингдек, ояти каримада ота-оналар кексалик ёшига етган вақтидаги аҳволлари тилга олинади. Чунки, ота-она кексайгач эътибор ва риояга ҳамма вақтдан кўра кучлироқ эҳтиёж сезадилар. Ахир фарзанд гўдаклик чоғида – ушбу нарсага энг кўп муҳтож бўлган дамларида ота-она уни деб ўз роҳатидан, фароғатидан кечган, ҳамма эътиборни унга қаратган, ўсмир чоғида ҳам уни ўқитиш, тарбиялаш ва парваришлаш билан шуғулланган, бор- будини фарзандининг камоли учун сарф қилган. Кейин фарзанд ҳам ақлан, ҳам жисмонан етук бўлиб, ўзи мустақил бемалол яшай оладиган вақтда ота- онанинг кучи ва молу дунёси кетган, соғлиги ҳам заифлашган бўлади. Энди фарзанд ҳам ўз навбатида ота-онасига эътибор қилиши, уларга эҳсон ва яхшиликлар қилиши лозим бўлади. Саволда зикр қилинган йигит отасига қилаётган муруввати учун ҳам Аллоҳ унинг молига барака бераётган бўлса ажаб эмас. Шундай экан отаси ундан ҳар ой нимадир сўраётган йигит қўлидан келганича отасига яхшилик қилаверсин. Албатта ҳамма молини отасига сочиб юборсин, демаймиз. Лекин бахлиллик ҳам қилмасдан отасига маълум миқдорда “маош” ажратса нур устига нур бўлади. Агар отаси сўраган вақтда имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаганда ширин сўз билан тушунтирсин. Буюк саҳобийлардан ва хулафои рошидинлардан бўлмиш Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг ҳаёти ва отасига муносабати қайсидир жиҳатдан саволда зикр қилинган ҳолатга ўхшаб кетаркан. Маълумки, Али разияллоҳу анҳу оталарининг қўлида тарбия топмайдилар. Зеро, у кишининг отаси ўта фақир бўлади ва Алини ёшликларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳимояларига олган эдилар. Лекин шундай бўлса ҳам бу киши оталари Абу Толибга ҳаётлигида мудом яхшиликлар қилади. Вафот этгач Али разияллоҳу анҳунинг ўзи уни дафн қилади. Ҳолбуки, Абу Толиб Исломдан бегона ҳолида бу дунёдан кетган эди. Шунда ҳам фарзанди уни ташлаб қўймади. Албатта бу нарсада барчамиз учун катта ибрат бор. Шундай экан, савол бераётган киши отасига қурби етганича яхшилик қилишда давом этаверсин”. Алишер Султонхўжаев тайёрлади Манба: www.muxlis.uz | |
|
Sayt Menyusi
Bo'limlar
Teglar
Eng ko'p o'qilganlar
Материалов за текущий период нет.
Homiladorlik Taqvimi
Saytdan izlash
So'rovnoma
Saytga Kirish
Hisobot
Reklama