00:36 Талоқ ҳақида | |
Савол: Талоқнинг бир неча хили бор, дейишади. Улар қайсилар? Шу ҳақда тўлароқ маълумот берсангиз. Жавоб: Икки хил талоқ бор. Бири ражъий талоқ,иккинчисибоин талоқ. Боин талоқ кичик боин ва катта боинга бўлинади. 1. Ражъий талоқ. Ражъий талоққилинган хотиннинг иддаси ўтмаган бўлса, никоҳ ҳукмлари бекор бўлмайди. Эр-хотинлик давом этаверади. Эр идда ичида хотини рози бўлмаса ҳам, никоҳни янгиламай, у билан эр-хотинликни давом эттиришга қайтиши мумкин. Аммо идда ўтиб қолса, хотин эридан ажралган бўлади. Бу ҳолда фақат хотин рози бўлса, никоҳни янгилаб, сўнг эр-хотинликни давом эттириши мумкин. «Сен талоқсан», «Сени талоқ қилди» каби талоққа очиқ далолат қилувчи иборалар билан ражъий талоқ тушади. Талоққа очиқ далолат қилувчи иборалар айтилганида талоқнинг тушиши ниятга боғлиқ бўлмайди. Эр бу ибораларни айтганида талоқни ният қилса ҳам, қилмаса ҳам, талоқ тушади. Эрнинг «Талоқни ният қилмаган эдим», дейиши эътиборга олинмайди. Бу ўринда шуни унутмаслик керак: бир ё икки ражъий талоқ бўлсагина, эр- хотинликни қайта тиклаш мумкин. Аммо уч талоқда қўйилган хотин бошқага тегиб, ундан шаръан ажралганидан сўнггина аввалги эри билан қайта никоҳланиши мумкин, холос. Зеро, уч талоқ катта боин талоқдир. 2. Кичик боин талоқ. Эр жанжаллашиб турган хотинига «бор кет», «кўзимга кўринма», «уйингга кет» каби талоқдан киноя бўлган сўзларни айтиб, талоқни ният қилса, боин талоқ тушади. Шунингдек, эр ҳали қўшилмаган хотинига талоққа очиқ далолат қиладиган сўзларни айтса ҳам, боин талоқ бўлади. Шу каби бир ё икки боин талоқ кичик боин талоқ ҳисобланади. Кичик боин талоқ никоҳ ҳукмларини бекор қилади. Фақат иддага оид ҳукм қолади. Ўрталарига кичик боин талоқ тушган эр- хотин никоҳни янгилаб, сўнг эр-хотинликни давом эттиришлари керак. 3. Катта боин талоқ. Уч талоқ ё учинчи талоқ катта боин талоқдир. Катта боин талоқ «талоқул бат» (қайтиб бўлмас талоқ) деб ҳам айтилади. Бу хусусдаги масалалар фиқҳ китобларида батафсил ёритилган. Катта боин талоқ қилинган хотин эрига ҳаром бўлади. У бошқа эркак билан шаръий никоҳдан ўтиб, турмуш қуриб, келишолмай ажралса ё иккинчи эри ўлса, иддаси тугаганидан сўнг биринчи эрига янгидан никоҳланиши мумкин, холос. Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва кулфатдан бошқа нарса келтирмайдиган қийинчилик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилофан талоқни кўп ишлатишади ёки гоҳо ўзаро муносабат қилишлари қатъий ҳаром бўлса-да, ношаръий муносабат қилаверишади. Бу ишларининг хатарли оқибатидан огоҳ бўлишсин. Талоқни эрмак қилувчиларга қонун йўли билан ҳатто энг паст жазо ва таъзир белгиланганида эди, бундай енгилтаклар сони тезда камайиб, бу ярамас одат йўқолармиди... Қайси ҳолларда талоққа рухсат бор? Савол: Шариатимизда қайси ҳолларда аёлини талоқ қилишга рухсат берилган? Жавоб: «Талоқ» сўзи луғатда «бирор нарсани бўшатиб қўйиш» маъносини англатади. Шариатда эса эру хотинлик боғланишини очиқ ёки киноя иборалари («Сен талоқсан» ёки «Сен менга ҳаромсан» каби) билан бўшатишга айтилади. Эр-хотин никоҳ билан боғланиб оила қуради. Лекин феъл-атворлари бир- бирига тўғри келмаслик, фарзанд кўрмаслик кабилар сабабли ажралишга тўғри келиб қолиши мумкин. Талоққа рухсат бермаслик инсон табиатига қарши ҳукмдир. Ислом шариати шунинг учун аёлни қийнамаслик учун эркакка «талоқ», айни чоқда аёлга «хулуъ» ҳақини берди. Яъни, аёл киши эри билан яшашни хоҳламаса, қозига ариза бериб ажраб кета олади. Аммо талоқ энг охирги чорадир, иложсиз нуқтадир. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Ўзи ҳалол-у, лекин Аллоҳ энг ёмон кўрган нарса талоқдир», деганлар. Бирор жойда талоқ содир бўлса, Аллоҳнинг арши ларзага келади. Демак, аёлингиз билан ғижиллашиб қолганда, жаҳлингиз чиққанда ёки сархушликда бўлар- бўлмасга «талоқ» сўзини тилга олиш ярамайди. Чунки мазҳабимиз талабига кўра, уч марта талоқдан сўнг эр-хотин никоҳи бутунлай ажратиб юборилади. Аёл уч ҳайз кўриши миқдорида идда ўтиргандан сўнггина бошқа кишига турмушга чиқиши мумкин. Талоқ қилингандан кейин эр аёлнинг иддаси чиққунча унга таом, кийим, бошпана билан таъминлаб туради: талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, эр у туққунича нафақа билан таъминлаб туради. Агар аёл талоқ қилган эридан бўлган болани эмизса, хоҳласа, шу эмизгани учун ҳақ олади. Аллоҳ таоло амр қилиб айтадики, талоқ қилинган аёлларингизни ўзингиз яшаб турган масканда яшашига имкон яратинг, яъни «талоқ бўлди», деб масканингиздан чиқариб юборманг. Шариатимизда ажралаётган аёлга эр томонидан совғалар бериш ҳам жорий қилинган. Савол: Эр мазах ё ҳазил қилиб талоқ сўз айтса, нима бўлади? Жавоб: Мазах ё ҳазил қилиб талоқ сўз айтилса, жиддий талоқ қилгани каби талоқ тушади. Савол: Эр хотинини хулуъ қилиши учун унга берган маҳридан кўпроқ миқдорда мол олиш мумкинми? Жавоб: Ҳа. Агар хотин ўз ихтиёри билан, босим ё зўрлик кўрсатилмай, берса дуруст. Агар хотин рози бўлмай берса, уни олиш ва ейиш ҳаромдир. Савол: Талоқ қилинган хотиннинг қандай ҳуқуқлари бор? Жавоб: Боин талоқ қилинган хотин ҳали маҳрини олмаган бўлса, уни талаб қилиш ва иддаси давомида нафақасини олиш ҳақларига эга. Савол: Оқибатини билмай, хотинини талоқ қилган кишининг талоғи тушадими? Жавоб: Унинг талоғи тушади. Билмаслик ҳеч кимга узр бўлмайди. Фақат динга янги кириб, унинг аҳкомларини ўрганишга етарли муддат ўтказмаган ё чўлда ёлғиз яшаган инсоннинг билмаслиги узр бўлади. Булардан бошқалар билмасликлари учун жазоланадилар. Зеро, илм олиш барча мусулмонларга фарздир. | |
|
Sayt Menyusi
Bo'limlar
Teglar
Eng ko'p o'qilganlar
Материалов за текущий период нет.
Homiladorlik Taqvimi
Saytdan izlash
So'rovnoma
Saytga Kirish
Hisobot
Reklama