01:19 Эрнинг маъшуқаси билан учрашиш... КЕРАКМИ? | |
Баҳсли савол. Қизиқ савол. Хиёнатнинг зарбасига учраган ҳар бир аёлнинг хаёлига минг марта келиб, минг кўйга соладиган савол. Аламнинг зўридан шартта бориб, тинч оилангизга раҳна солаётган беҳаёнинг шармандасини ҳам, дабдаласини ҳам чиқаргингиз келади. Атрофингизда турли одамлар турлича маслаҳатлар ҳам беришади: «Бор», «Борма», «Кимлигингни кўрсатиб кел», «Қўй, ўзингни ерга урма...» Хўш, аслида эргинамизнинг бошини айлантириб юрган ўша «хонимча» билан учрашиш шартми? Бу саволга руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА билан жавоб излаймиз... «ЙЎҚ!!!» Бу саволга битта, яхлит қилиб, жавоб бера оламиз: эрингизнинг маъшуқаси билан учрашманг. Асло! Бу — қонун! Ҳа! Иккингизнинг ўртангизда учинчи инсон пайдо бўлганини билдингизми, зинҳор- базинҳор, у билан кўришишга ҳаракат қилманг! Буни хаёлингизга ҳам келтирманг. Маъшуқа билан учрашиб, эрни оилага қайтара олмайсиз, аксинча, унинг батамом сиздан узоқлашишига яна бир сабабни юзага келтириб қўйишингиз мумкин. Нега энди кўришмайсиз? Аввало, ҳозир кайфиятингиз жуда чатоқ. Йўлингиздаги ғовни вайрон қилиш пайидасиз, лекин рашк, асаб, алам билан уни илдизи билан қўпориб ташлай олмайсиз, шунчаки кучингизни беҳуда сарфлайсиз, холос. Бевафо не дейди? Албатта, жаҳли чиқади! Ахир унинг сири, айбини ошкор қилдингиз. Кимга ҳам ёқарди, яширган нарсасини топиб олишгани ёки бекитган гуноҳини оммага ошкор қилишгани, айланай? Ким жабрдийда? Умрингизни, ёшлигингизни, соғлигингизни, бедор тунларни бахшида қилганингиз сизга эмас, кўчадаги «ёргина»сига ачинади. Ахир сизга бари имкониятларни муҳайё қилган, ҳамма яхшиликларни раво кўрган. Қонунан, шаъран, тўй қилиб уйланган, ота-онаси, эл- юрт сизни тан олган, болаларининг онасисиз, бошингизга бошпана қилиб берган, музлаткичингизни тўлдириб қўйибди, оч қолмаяпсиз. Жазмани эса бечора, бари имкониятлардан мосуво! Шунча яхшиликларнинг юздан бирини унга илина олмаётган сиз эса ичи қорасиз! Айрим эркаклар шунақа ўйлайди-да... Бунақа фикрлаш уларнинг табиатига хос. Наилож? Улар аёлларнинг туйғуларини қайдан тушунишсин? Тушунишганда «юришармиди?» Эрингизга яна бир бор сизни ерга уришига имкон берасиз. Ҳа! Баъзи эркаклар сиз бориб, ўша ойимчани кўриб келганингиздан кейин ўзларича шердек керилишади: «Кўрдингми, билдингми, ўзинг билан энди бир солиштир. Раҳмат де сен билан яшаётганимга» каби бетутуруқ гапларини эшитмаслик учун ҳам бу йўлдан қайтинг. «Кўришмасам, ўламан». Вой, вой, нима эрнинг маъшуқаси билан кўришиб, гулдек яшнаб кетармидингиз? Аёл борки, ўзини атрофдагилар билан солиштиради. Айниқса, у рақиб бўлса борми?! Учрашиб келгач, унинг нимасидир устунроқ туюлади: кийими, ташқи кўриниши, муомаласи, яшаш тарзи… Хуллас, чўка бошлайсиз. Курашишга хоҳиш ҳам, истак ҳам, иштиёқ ҳам қолмаслиги мумкин. Энг даҳшатлиси, сиз фақат маъшуқа билан олишиб, охири тақдирга тан берганингиздан кейин жуфтингиз «Чидаяпсанми, демак, сенга ҳар қандай нағмам ўтади» қабилида йўл тутиши мумкин. Ўша аёлга уйланиб олиш каби жиддий қадамларни ташлашига йўл очиб берманг. «Нима қиламан???» Мақсадингиз аниқлаштиринг. Ҳар қандай масалани ҳал қилаётганда ёки бирор манзил сари қадам ташлаётганда, ниманидир мақсад қиламиз. Тўғирлаш, барпо қилиш ёки борини мустаҳкамлашга қаратилади фикримиз. Борни йўққа чиқариш, бузишни асло ният қилмаймиз. Тўғрими? Энди мулоҳаза қилинг. Бир ёстиққа бош қўйганингиз сизга бевафолик қилаётганини билганингизда, таъсирланасиз, ёна бошлайсиз. Шу эркакни оилага қайтариш, у билан муносабатларни асраб қолиш, хонадонингиз бутун ва тинч бўлиши учун ҳаракатга тушасиз. Ёки бевафони шарманда қилиб, маъшуқанинг адабини бериб қўйишми фақат ниятингиз? Агар сизга оила керак бўлмаганда, қўлингизни силтаб, «Юрса юравермайдими?» деб ўтираверардингиз. «Ахир қандай чидай, юрагим ёнаяпти», дейсизми? Юрак ёнаётган бўлса, яхши, демак, сизга шу эркак керак! Энди олдингизда иккита катта йўл бор. Бири — конструктив усулни қўллаш, яъни мавжуд оилани мустаҳкамлаб, қайта қуриш, иккинчиси — деструктив усул — бузиш, вайрон айлаш. Агар сиз оилангиз бегининг бўйнига осилиб олган аёл/қиз билан учрашишни ихтиёр этсангиз, демак, иккинчи усулнинг энг зўр йўлини танлабсиз. Сизни бу билан табриклай олмаймиз, афсус... Учрашсангиз, маъшуқасига инсоф битармиди? Дейлик, эрингизнинг маъшуқаси инсофли (жуда кулгули бирикма бўлиди-ку-я, унда инсоф бўлса, бировнниг оиласига чанг солмасди, ҳа, майли ҳозирча орзу қилиб турамиз). У янаям инсоф қилиб, «Вой, хотинингиз яхшийкан, бора қолинг, узр», деб эрингизнинг паттасини қўлига тутқазадими? Хўп, шундай ҳам бўлди, дейлик. Бироқ агар эркакнинг ўзига инсоф бермаса, бирининг ақлини киритиб, бирининг шармандасини чиқариб, бошқасини дўппослаб, яна бирини қўрқитиб, умрингизни эрнинг жазманлари билан курашиб ўтказасизми? Бир марта ҳаётга келасиз, азизим, шунинг учун тўғри йўлни танланг. Кучли аёллар бориб, жойига ўтказиб келади?! Бўлмаган гап! Куч кимнингдир танобини тортиб қўйишдамас, ўзингизни керак пайтда қўлга олишингизда. «Ҳа, сенми эримни йўлдан ураётган? Шошмай тур ҳали! Мен ҳозир қадам ташласам, хато қилишим мумкин. Ўзимга келиб олай аввал», денг-да, ҳамма ҳаракатларни ўзингизга қаратинг. Эр билан ҳаммас, маъшуқа билан ҳаммас, ўзингиз билан курашинг. Чунки бу хиёнатга ўрталарингизга оламушукдек суқилиб олган аёлмас, сиз ва эрингиз айбдорсизлар. Хиёнатга қўшган ҳиссаларингиз 50/50 фоиз. 49/51 ҳаммас. Яъни то учинчи одам ҳаётларингизга киргунча, муаммо вужудга келиб бўлган. Рақибингиз шунчаки қайнаб турган сутнинг тошишига туртки бўлган, холос. Шундай экан, уйдаги муаммонинг ечимини кўчадаги аёлдан излашдан не маъни? Юқорига кўтариламиз! Ўзимизда мавжуд 50 фоиз камчиликлар, хатолар устида ишлаймиз. Нега эрингиз уйдан совиди? Ахир бир пайтлар нимангиздир ёққан унга. Бўлмаса уйланмасди-ку! Ўша томонларингизни элакдан ўтказиб, ўзингизни тартибга солинг. «Эрим одаммас, ўйнаши тинч қўймаяпти», «Вой-дод, энди нима қиламан?» деб кўлмакда йиғлаб ўтираверманг, хўжайиннинг изини пойлайверманг, маъшуқанинг эшигини қоқаверманг. Юқорига кўтарилишда давом этинг. Агар эрингиз истаса, изингиздан етиб олади. Истамаса, гулдек оиласидан воз кечиб, ботқоқда яшашни танласа, ихтиёри. Уни мажбуран етаклаб узоққа боролмайсиз. Бунинг устига, оилани, аёлни, қолаверса, ўзини қадрламаган эркакка асабингизни, умрингизни сарфлаб, нима ҳузур топардингиз? Қайноналар аралашувидан натижа борми? Агар қайнона-келин апоқ-чопоқ бўлишса, оналарнинг ўғлининг кўчадан топгани билан учрашиши хавфлимас. Аксинча муносабатлар ёмон бўлса (балким эрингиз ҳам икки аёлнинг ўртасида сарсон бўлганидан учинчи аёлдан нажот излагандир?), унда фойдаси йўқ. Турмуш ўртоғингизга вақти-вақти билан кўриб турадиган, унинг келишига бутун вужуди билан тайёрланадиган, рўзғор деган ташвишларни қулоғига қуймайдиган жазмани ёққандек қайнонага ҳам ҳали келинлик ҳунарларини кўрсатмаган аёл маъқул келиб қолиши ҳеч гапмас. Хуллас, бу борада қайноналарга инсоф берсин. Ўғилларини зино йўлдан қайтаришсин. Хулоса Сизга хиёнатга дуч келганда, «Жим ўтиринг», демоқчимасмиз. Оғзингиздаги ошни олдириб қўймаслик учун ҳаракат қилинг. Фақат барча ҳаракатларингиз ўзингизга, оилангизни мустаҳкамлашга қаратилсин. Токи бевафо англаб етсин, сиз энг яхши ва такрорланмас аёл эканлигингизни. Шунда бу дарднинг яна қайталаниш хавфи камаяди... МУХЛИСА | |
|
Sayt Menyusi
Bo'limlar
Teglar
Eng ko'p o'qilganlar
Материалов за текущий период нет.
Homiladorlik Taqvimi
Saytdan izlash
So'rovnoma
Saytga Kirish
Hisobot
Reklama