00:50
ЭРКАКЛАР, ХИЁНАТ КЎЧАСИДАН ҚАЙТИНГ!

Нега айрим эркаклар рафиқасига хиёнат қилади? Қанча уринсангиз ҳам, айюҳаннос солсангиз ҳам бу боши берк кўчадан қайтмайди? Тўғри, бундай вазиятларда улар ўзини оқлаш учун юзлаб сабабу баҳоналарни олдингизга териб қўяди. Биз эса бугун эркакларнинг хиёнат қилмаслиги учун ўнтагина сабаб келтирамиз.

  • Яратган зинони ҳаром қилган. Бу улкан гуноҳ. Илгари шариат ҳукми бўйича зинокорларни тошбўрон қилишган. Жаҳаннам азоби олдида бу нима бўпти?!
  • Кўнгил учун. Сиз аёлингизни севасиз, ардоқлайсиз. Нега уни бошқа бировга алмаштирасиз? Севмай қолган бўлсангиз, унга кўнглингиз тортмаса, барча оқибатларга рози бўлиб, масъулиятни зиммангизга олиб ажрашинг ва ўша севиб қолганингизга уйланинг. Токи ҳаммаси ҳалол бўлсин. Соф, тоза муҳаббатга ҳирсни аралаштириб нима қиласиз? Кейин севган ёрингизнинг кўзига қандай қарайсиз? Унинг тоза муҳаббатини қандай қабул қиласиз? Ҳисларнинг ҳам уволи бўлади. Энг ёмони оний лаззат деб, бир умрлик йўлдошдан ва муҳаббатдан айрилиб қолиш.
  • Болалар ҳаққи. Хиёнатингиз ошкор бўлиб қолса, ота-онасининг кундан-кун бузилиб бораётган муносабатларини кўриб, фарзандларингиз қай аҳволга тушишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Улар учун ота ҳам, она ҳам бирдек керак. Жондан азиз болаларингизнинг кўз ёшлари, тунги қўрқувлари, келажакдаги руҳий муаммолари, наҳотки, бир неча лаҳзалик (кунлик, ойлик ё йиллик бўлса ҳам...) кўнгилхушингизга арзиса? Шулар эвазига келадиган хушбахтлик туйғуси сизга қандай татийди? Борди-ю хотинингиз талоқ сўраса, ажрашишга ариза берса-чи? Жигарпораларингиз кемтик оилада ўсадими? Сиз улардан воз кеча оласизми?
  • Эрлик ғурури ҳурмати. Кўпчилик эркаклар хуштор тутишни эрликнинг белгиси деб хато ўйлашади. Наҳотки, эр йигит дегани «нар» деган сўз билан маънодош бўлса. Ахир «нар» деб ҳайвоннинг эркагига айтилади, унинг учун жуфтнинг фарқи йўқ. Лекин сиз онгли инсонсиз-ку! Хотинингизга яхшилаб боқинг, ўша «қиз кўринган» кўчадаги жувондан ўлса, ўлиги ортиқ. Фақат яшилаб қаранг, худди илк учрашувдагидек соф ва холис нигоҳ билан. «Хотинбоз» деган сифат эр киши учун ғурур эмас, шармандалик белгиси, унутманг.
  • Хотиржамлик учун.Оиласига хиёнат қилган эркакнинг хотиржамлиги йўқолиши тайин. Аввало, виждон азоби уни безовта қилади. Яратганга истиғфор айтиб, гуноҳидан кечишини сўрайди, тавба қилади, бошқа бу номаъқулчиликни қилмасликка онт ичади. Амаллаб виждонини тинчлантириб олади ҳам дейлик. Аммо эҳтиросларингиз сўнгач, сиз ўз йўлингизга, сизга қўшилиб гуноҳ қилган аёл ўз йўлига кетаверадими? Ундай бўлмаса-чи? У аёл сизга ёпишиб олса, куну тун қўнғироқ қилса, хотинингизга айтаман, деб қўрқитса-чи? Бордию, ҳомиладор бўлиб қолса (ё бировдан ҳомиласини сизга тўнкаса) нима қиласиз? Хуллас, хотиржам кунларингиз билан видолашаверинг.
  • Ойни этак билан ёпиб бўлмагани сабабли. Яъни ҳар қандай хиёнат ҳам ошкор бўлиб қолиши мумкин. Аввало, рафиқангизнинг таниш-билишлари, дугоналари, опа-сингиллари бордир. Ўзингизнинг ҳам танишларингиз етарли. Униси бўлмаса, буниси сизларни бирга кўриб қолади. Ҳамманинг оғзини ёполмайсиз. Дўстларингиз кўриб, хотинингизга айтмаган тақдирда ҳам, умумий танишларингизга оғзидан гуллаб қўйиши мумкин. Худо кўрсатмасин, бу факт душманларингизнинг қўлига тушиб қолса, улар жуда усталик билан бундан фойдаланишлари тайин. Хуллас, гап-сўз урчийди. Мишмишлар нафақат хотинингизга, бутун маҳаллаю қариндош-уруққа тарқалиши мумкин. Обрўнгиз тўкилади, шарманда бўласиз. Балки аёлингиз кечирар, лекин унинг ҳам, фарзандларингизнинг ҳам, ота-онаю бошқа яқинларингизнинг ҳам боши эгилади. Бузуқ эркак тамғаси бир ўзингизга эмас, бутун оилангизга босилади.
  • Чўнтакдан барака қочмаслиги учун Олайлик, сиз табиатан суюқ эркак эмассиз. Шунчаки, бир аёлга кўнглингиз илиб қолди. Бир қарасангиз, бечора бева, боласини боқолмаяпти. Раҳмингиз келади, ёрдам бермоқчи бўласиз, кейин ишқингиз ҳам тушиб қолган. У ёғи ке-е-етди... Бир бечорага ёрдам бераяпман, меҳрга зорга меҳр улашаяпман, деб ўзингизни овутасиз. Аммо ҳар қандай аёл ҳам эркакда суянчиқ, муаммоларини ҳал қилиб берувчи шахсни кўради. Бунинг нимаси ёмон демоқчимисиз? Биринчидан, унинг муаммолари сизнинг ҳам елкангизга тушади, демак, ташвишингиз камида икки баравар ортади. Қолаверса, иккита рўзғорни эплашингизга тўғри келади. Бунисига ҳам қурбингиз етади, дейлик. Лекин бора-бора у аёлнинг талаблари ортмаслигига кафолат йўқ. Чунки у шундай ўйлайди: «Оиласини ташлаб, менинг ёнимга келаяптими, демак, мен хотинидан яхшироқман. Менсиз яшай олмайди. Шундай экан, нега менга олмос кўзли зирак, автомобиль ёки ўғлимнинг келажаги учун биттагина квартира совға қилмасин?» Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томондан, ҳаромга аралашдингизми, ишингиздан барор, чўнтагингиздан барака ҳам учади.
  • Касалликлар юқтирмаслик учун. Айрим эркаклар енгилтак аёллар билан кўнгилхушлик қилишади. «Бир марта ҳеч нима қилмайди, фоҳиша барибир фоҳиша. Унинг олдида ҳеч қандай масъулиятим бўлмайди, пулини бераману кетавераман», деб ўйлашади. Аммо шу пулга сиз сўзак, заҳм каби таносил касалликлари, энг даҳшатлиси, ОИВни юқтириб олишингиз мумкин. Ўзингизга юқтирганингиз етмагандек, жуфти ҳалолингизга ҳам уни «улашасиз». Сизнинг гуноҳингизга бир ёки бир неча бегуноҳлар қолади. (Шу пунктга етганда 90 фоиз эркак хиёнатдан воз кечишига шубҳа йўқ!)
  • Оила бузилиб кетмаслиги учун. Аёл киши эрини кечирмаслиги ва ажрашиш учун ариза бериши мумкин. Хўш, нима бўлади шунда? Бахтингиз завол топади, уйингиздан файз кетади, сизни иссиқ бағрига оладиган оила ўчоғи вайрон бўлади. Кейин ёлғизлик, алиментлар ва пушаймон қолади, холос. Рафиқангиз болалари бағрида, бахтли яшаши мумкин. Сиз-чи? Сиз кўп нарса ютқазасиз!
  • Аччиқни аччиқ билан кесмаслик учун. Баъзилар умр йўлдошининг нўноқлиги, ношудлиги, ўзига қарамаслигидан нолийди, жуфти ҳалолидан топмаганини бошқа аёлдан излаганини айтади. Лекин бу бир баҳона. Ҳаммасини сабр билан енгиш, аёлдан нима исташни очиқ айтиш ва уни тарбиялашга уриниб кўриш мумкин. Икки инсон бирга бахтли бўла олмаса, ҳар ким ўз бахтини излашга ҳақли. Бироқ бахт топаман деб, оилангизни ҳам, янги топган суюклингизни ҳам бахтсиз қилишингиз ҳеч гап эмас!


ШАҲИНА

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси

Просмотров: 1748 | Добавил: Sayyod_Bek | Рейтинг: 0.0/0
Eng ko'p o'qilganlar
Материалов за текущий период нет.
Homiladorlik Taqvimi
Saytdan izlash
So'rovnoma
Saboq.ORG saytiga qay darajada muhlissiz ?!
Всего ответов: 56
Saytga Kirish

Hisobot


Reklama