23:00
“Азиза”ларнинг “ожиза”ликлари

“47 ёшдаман. Касбим ҳамшира. Раҳматлик эрим билан шифохонада топишганимизда, эндигина йигирмадан ошгандим. Шифокор эрим билан ўн олти йил яшаб, уч нафар қизли бўлгандик. Шафқатсиз қисмат уни дардга йўлиқтириб, бағримиздан юлиб кетди. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”лигини эндигина англаб етаётгандайман.
Ҳозир икки қизим турмушга чиққан. Куёвларимда хўжайинимга хос хислатларни тополмай ҳалакман. Пешонам саждага бориб, ибодат ҳаловатини топгач, болаларимнинг отаси қандай асл инсон бўлганлигини кеч бўлса-да, тушундим.
Эсимда, эндигина турмуш қурган пайтимизда, эр-хотиннинг “тенгҳуқуқлиги” борасида оғиз кўпиртиришни хуш кўрардим. Унинг жимгина жилмайиб туришини, таслим бўлганликка йўйиб, аёлларнинг “ожизалар” эмас, ўз ҳусни-жамоли билан эркакларни “ожиз қолдирувчи жинс вакилалари” эканликларини таъкидлаганим-таъкидлаган эди. У эса мени “ожизам” дея эркалаганига ҳам пушаймон бўлиб, аёлларни “ожиза” дейиш камситиш эмас, аслида замирида катта маъно ётувчи “унвон” эканлигини тушинтиришга ҳаракат қиларди.
Эрим аёлига зулм қиладиган, рафиқасига оғир ишлар қилдирадиганларни ёмон кўрар эди. Уят бўлса-да айтай, ҳар ойда бўладиган ҳайз жараёни тугаш кунига албатта гўшт, сара ҳўл мевалар олиб келишга одатланганлигини, ўша кунлар ичида соғиниб қолганлигига йўярдим.
Бу меҳрибончиликлар ҳикматини, мен нодон, тўнғич қизим ой кўриб бошлагандан сўнггина англадим. Хўжайиним қизидаги физиологик жараён тугаган кунда ҳам бозор-ўчар қилишни канда этмасди.
Қизларда ҳайз бошланишидан бир неча кун олдин уларнинг жиззаки, ғазабнок бўлиб қолишлари табиий ҳол эканлигини, шу пайтда уларни тушиниш, оғир жисмоний меҳнат қилдирмаслик лозимлигини ҳам эримдан уққанман. Эрим билан гапим қочса, “ой кўриш вақтингиз яқинми, дейман?” дея савол беришларининг маъносини энди англадим. Қизларим ва ўзим бошқа аёллар каби камқонлик хасталигига гирифтор бўлмаганлигимизга ҳам эрим сабабчи экан. У кийимларнинг одми, арзонларини олиб берар, бизларни зебу зийнатларга кўмиб ташламас, аммоозуқаларга алоҳида аҳамият берар эди.
Хўжайинимдан айрилгач, тирикчиликнинг залвори менинг бўйнимга тушди. Ёшим ўтиб бораётганлиги боисми, климаксга хос ўзгаришлар сеза бошладим. Асабий, тушкун кайфиятда бўлганим учунми, ўзимни идора қила олмай, ишхонамнинг қўрс раҳбарига гап қайтарган эканман, шартта паттамни қўлимга тутқазишди. Энди ишсизман. Бефаросат раҳбардан ранжиб, яна марҳум эримни эсладим. Улар тирик бўлсалар, бошқаларга ибрат бўлиши учун ўзимни “азиза” эмас, “ожиза” деб аташларини сўрардим”. А.


Опахонимизнинг мактубларидан ҳақиқатда ҳам оламжаҳон маъноларни ўқиш мумкин. Дарҳақиқат, ҳанузгача айрим аёллар мусулмончилик даъвосидаги эркакларнинг рафииқаларига нисбатан “заифа” тарзида муносабатда бўлишларини тенгҳуқуқликнинг поймол этилиши, яъни камситилиш дея хато тушунадилар. Зеро, жаҳоннинг барча мамлакатларида ҳам аёл сўзи маъноси шундай талқин этилади. (Масалан: Ўрисларда “слабый поль”).

Ваҳоланки, аёлларнинг “заифа”ликлари улар вужудидаги ўзига хос физиологик жиҳатлар билан боғлиқ. Зеро, аёл организмининг мунтазам тарзда заифлашувига олиб келадиган талайгина сабаблар мавжуд. Мисол учун, ҳар ойда муттасил тарзда қон йўқотиш, яъни ҳайз жараёни шулар жумласидандир. Бу хусусда бошқа саҳифаларда ҳам тўхталиб ўтган эдик.

Ҳозир эса бу жараённинг тиббий – руҳий, физиологик жиҳатлари хусусида мухтасар фикр юритамиз.

Даставвал менструация нима деган саволга жавоб топишга уринамиз. Ҳайз жараёни – лотинчадан menstrualos – «ҳар ойда» деган маънони англатиб, «одатда» ёки «ой кўриш» ҳам деб аталади. Бу жараён балоғатга етган даврдан бошлаб, менархе, яъни ой боши тарзида қизлар бачадонидан вақти – вақти билан қонсимон модда ажралиб чиқишида ўз ифодасини топади. Одатда, ой боши, яъни менархе 13-14 ёшларда, айримларда ҳатто 9-10 ёшда, баъзи кечкиларда эса 16-17 ёшларда ҳам рўй бериши мумкин. Бу жараён то менопауза, яъни аёлларнинг климактерик давригача, яъни қартайгунларича ўртача 45-55 ёшга қадар ҳар ойда бўлиб туради. Демак, менархедан менопауза даврига қадар аёл она бўлиш имконидан баҳра олиши мумкин. Ҳайз ҳомиладорлик пайтида, эмизикли бола бор даврда ва айрим хасталиклар туфайли вақтинча тўхташи рўй беради. Унинг буткул тўхташи эса қартайиш даврига келиб юз беради.
Ҳайз кўриш оралиғи аксари ҳолларда 24-28 кунни гоҳо эса 21, 26, 30 ҳатто 32 кунни ҳам ташкил этиши мумкин. Бу жараён тиббий нуқтаи назардан қаралганда, 3 кундан 7 кунгача давом этади. Аммо камдан кам ҳолларда бўлса-да, бир неча кундан ўн кунгача давом этиши ҳам кузатилади. Ҳайз ўта мураккаб жараён бўлиб, бош мия пўстлоғи, гипоталамус, гипофиз, тухумдон, бачадон, унинг найчалари ва қин каби аъзолардаги мураккаб ўзгаришларнинг маҳсули ҳисобланади.
Ҳайз жараёни таниқли гинеколог, академик В.Ф.Снегирев таъбири билан айтилганда, бу « аёлнинг уруғланмаган ўз тухум хужайрасини ҳар ойда бир туғиши» демакдир. Аниқроғи, бир ҳайз тугаб навбатдагиси бошлангунга қадар, яъни ой давомида тухум хужайра ишлаб чиқарилиши, бачадоннинг ҳомилага ҳозирлик кўриб – ички эндометрий қатламининг ривожланиши, яъни қалинлашиши рўй беради. Шу пайт тухум хужайра эркак уруғи билан уруғланмаса бас, яна аста секинлик билан ортга , дастлабки ҳолатига қайтиш рўй беради. Ҳайз кўрилганда ажраладиган суюқлик қўнғир ранг бўлиб, ивиши қийин кечади, чунки унинг таркибида қондан ташқари бачадон шиллиқ қаватининг функционал қисми бўлакчалари, гликоген, ёғ моддалари ва ферментлар мавжуд бўлади.


Ой боши хусусида
Қиз болада рўй берадиган илк ой кўриш жараёнига (яъни менархега) уни ҳар жиҳатдан руҳий тайёрлаш учун биринчи галда она масъулдир. Албатта, она билан бирга шу кечмишни бошдан ўтказган опалари, мактабдаги оқила муаллима аёл ва ҳудудий шифокор аёл баҳамжиҳатликлари мурғак болиғаларга ўта асқотиши шубҳасиздир. Мозийда расида бўсағасида турган қизлар учун «оқила»лик сабоқлари ўргатилганлиги ибратлидир. Ибо-ҳаё тарбиясини ўз ичига олган бу сабоқлар тўққиз ёшга ҳатлаб ўтган ҳар бир қиз учун муҳим аҳамиятга молик бўлган. Бу ёшга кирган ҳар бир муслима қиз «оқила» бўлганлари оналари томонидан уқтирилиб, қатор диний ва маънавий-маърифий, ахлоқий ишларни бажаришга мукаллаф этилганлар. Натижада, қизлар тўққиз ёшдан Яратганни таниб, унга тоат қилиш билан биргаликда вужудлари сиҳатини бўлғуси оналикка тайёрлаш зарурлигини теран англаб етишган.
Ой кўрган аёллар намоз ўқимаса-да, қазоси ўталмаслиги, рўзаси қолиб кетса кейин тутиб беришлари, Байтуллоҳни тавоф қилиш, масжидга кириш, Қуръон ўқиш ва жилдсиз Қуръонни ушлаш, ҳамда жинсий алоқа ҳаром қилинганлигида ҳам оламжаҳон ҳикматлар бор. Пок бўлингач, ғусл қилиш фарзлиги айтилган. Афсуски, бугунги кунга келиб ҳайз борасидаги маҳрам суҳбатлар ўтказиш иккинчи даражали ишлар сирасига кириб қолгандай, гўё…

Балоғат арафасида қизлардаги қандай ўзгаришлар четда қолмаслиги лозим?

  • Ҳали илк ой кўриш – менархе рўй бермасдан анча ойлар муқаддам қизларнинг кескин ўсиши, сийналарининг тўлишиб бориши рўй беради.
  • Шунингдек қов устида, қўлтиқлар ва оёқларда туклар пайдо бўлиши кузатилади.
  • Гавда тузилиши ўзгариб баданлар нафис ва юмшоқ бўлиши, беллар хипчалашиши ва сонлар тўлишиши рўй беради.
  • Ички либосларда оқимтир, сарғиш ёхуд рангсиз доғлар илғаниши табиий ҳол бўлиб, бу илк ҳайз даври яқинлашаётганлиги даракчиси бўлиши мумкин. Аммо ажралмалар нохуш ҳидли, творогнинг суюлганисимон бўлиб, қичиш сезилса, зудлик билан шифокор- гинекологга мурожаат қилиш лозим.
  • Оналар қизларидаги бу жараён ҳақида уларга имкон қадар барвақтроқ, тўғри маълумот берган бўлишлари лозим. Агар қизларда юқоридаги ўзгаришлар рўй берган бўлса, ой сайин қизларидан «бошланмадими?» дея суриштириб туришлари лозим.
  • Ой боши кўрган қизларда асаб – руҳий тизимида катта ўзгаришлар рўй бериши боис , улар шаҳвоний ҳис- туйғуларга тушкин бўлишади. Гоҳида оталар ибо-ҳаёли қизалоғининг бир зумда енгилтабиатдек ўзгарганлиги моҳиятини тушина олмай, ота — қиз ўртасида низо юзага келиши мумкин. Шу боис, балоғат арафасидаги қиз бола ва она ўртасида сирдошлик юзага келиши, улар ўртасидаги муомалага тўсиқ омилларнинг бўлмаслиги муҳимдир.
  • Мактаб муаллимаси ёхуд ҳудудий шифокор аёлдан ҳам катта масъулият талаб этилади. Маълумингизким, бу жараён айримларда 9 ёшда аксари қизларда 11-13 ёшда, баъзиларда эса 16 ёшда ҳам рўй бериши мумкин. Демак, бу борадаги маҳрам суҳбатлар нафақат ўрта синф қизлари билан, балки қуйи синфларда ўқисада айрим дуркунроқ қизалоқлар билан ҳам индивидуал тарзда ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга.
  • Мактабда қизлар учун махсус гигиеник хона ажратилиб, унда махсус таглик боғламалар ҳозирлаб қўйилган бўлса ва қўлланмалар билан таъмин этилса янада яхши бўларди.
  • Агар илк ҳайз жараёни кутилмаганда келиб қолса, қатланган салфетка ёхуд ҳожат қоғозидан муваққат фойдаланиш мумкин. Албатта таг боғламалар мактаб ҳамшираси ёки юқори синфдаги бирор опаданми сўралса янада яхши бўлади.
  • Айримларда ҳайз даври оғриқлари кузатилади. Қорин пасти, белнинг қуйиси, сон ички томонидаги оғриқлар аслида физиологик ҳолат бўлиб, оғриқсизлантирувчи дориворлар қўлланилса тезда ўтиб кетади.


Менархе рўй бергач, ҳар ойда кўриладиган ҳайз жараёни бирданига мунтазамлик кўринишини олмаслиги гоҳида кузатилади. Бу маром ўз изига тушиши учун гоҳо бир неча йил муддат ҳам ўтиши мумкин. Бу ташвишланарли ҳол ҳисобланмайди.
Теранроқ мушоҳада қилунгудек бўлса, аёлларга хос масала дея қараб келинган ҳайз жараёни ҳақида эр киши ҳам тушунчага эга бўлиши зарурлиги азал-азалдан уқдириб келинган. Қуйида мисол келтириладиган воқеа бунинг ёрқин далилидир.

«… Ота-онамнинг ёлғиз ўғли бўлганлигим боис, ўн саккизга тўлганим заҳот ўзимга тенгдош қизга уйлаб қўйишди. Бир неча йиллар давомида онам келинини кўкларга кўтариб мақтаб, «яхшисини ошириб, ёмонини яшириб» яшади. Талаба бўлганим туфайли эрта кетиб, кеч қайтар эдим ва «қайнона келин» муносабатлари ҳам рисоладагидек эди, назаримда. Йил ўтгач бир қизли бўлдик. Фарзанд оҳанрабодек уйга тортар экан шекилли, дарс тугаган заҳот оилам бағрига ошиқардим. Аста-секин онам ва рафиқам ўртасида совуқчилик борлигини илғай бошладим. Айниқса, бу «қовоқдан қор ёғиш» лар рафиқам ой кўрган кунлари, яъни бироз тўшакка михланиб қолган дамларида авжига чиқарди. Қизалоғим икки ёшга тўлиб, «ширин»лик даври бироз ўтгач, рафиқам билан онам ўртасида бот-бот жанжалга ўхшаш ҳолатлар сезила борди. Тўғриси рафиқам пазанда, табиатан вазмин, хушсурат уй бекаси бўлсада, ҳар ойда бир айниб қолиши таажжубланарли эди. Шундай кунларда рафиқам йиғлоқи, серзарда «мазам қочяпти» дея ётоқчилаб қолар, бу эса менга ва айниқса онамга асло хуш келмас эди…
Қизалоғим уч ёшга тўлган кунни асло унутмайман. Ўша кеч оила дастурхонимиз байрамона тузатилиб, қайнона — қайнотам ҳам набираларини қутлашга келган эдилар. Аммо рафиқамнинг чеҳраси тунд, ҳатто бироз ғазабнокроқ тус олган, бу эса онам эътиборидан четда қолмаётган эди. Ошхонага йўл олган рафиқамга онам ҳам ёрдам бермоқчи бўлгандек чиқиб кетган эди. Бироз фурсат ўтгач, ошхона томондан қандайдир идиш ағдарилганлигининг шовқин сурони-ю, рафиқамнинг дарғазаб овози барчанинг эътиборини ўзига тортди. Чаққонлик билан ўрнимдан қўзғалиб югуриб борсам, не кўз билан кўрайки, аёлим онамга қўлини пахса қилганча ўшқирар «атайин қилдингиз» дея ер билан бир бўлиб ётган тортни кўрсатар эди. Онамнинг кўзлари хилқа ёшланган, меҳмонлар олдида изза бўлганча барчага жовдираб боқар эди. Рафиқамнинг бу «қутуриши» ҳамиятимга тегиб, қаҳримни қўзғатиб юборди. «Ўчир овозингни, қанжиғ» дея беихтиёр унинг юзига тарсаки тортиб юбордим. Жанжал авжига олиб, қайнонам ҳам мени қарғай бошлади. Оталаримиз ҳануз ҳеч нарса тушуна олмай, ҳангу- манг эдилар. Шу пайтда «сендек аёлнинг боридан йўғи…» дея рафиқамни «минг талоқ» қилиб юбордим. Дадамнинг юзимга жаҳл билан тортган шапалоғи сув сепгандек ҳушимни ўзимга келтирган бўлса-да, тақдирнинг аччиқ битиги — қисмат ёзиғи ҳаётимга ўз муҳрини босиб улгурган эди.
Рафиқам, қизалоғимни олиб кетганлар, эртасиёқ кўч-кўронни ҳам ортиб кетишди… Хуллас, илк турмушим мана шундай барҳам топди…
Анча йиллар қайта оила қурмадим. Кўнглим илк турмушимни қўмсар, аммо ота-онам хоҳиш-иродасини устун билар эдим. Йиллар ўтгач, собиқ рафиқам бошқа турмушга чиққандан сўнггина, мен ҳам уйланишга қарор қилдим. Энди мен ҳар бир қадамини ўлчаб босадиган, мулоҳазакор эр кишига айланган эдим. Пешонамга ақлли аёл битди. У билан умргузаронлик қилиш давомида, илк оиламга раҳна солган таҳдидларнинг аслида арзимас тушунмовчиликлар эканлигини ҳам англаб етдим. Мисол учун, ҳар ойда бўладиган «қон кўриш» жараёни арафасида аёлим мени бохабар этар ва «шу кунларда мазам бўлмай, жиззакироқ бўлиб қолсам, бир қошиқ қонимдан кечарсиз,султоним» дея мутойиба ҳам қилиб қўярди. Онам опа – сингилларимни узатганлиги боисми, хуллас рафиқам билан сирдошдек бўлиб пичир-пичир қилиб, соатлаб суҳбатлашишдан чарчамас эди. Шундай кунларнинг бирида, рафиқамнинг онамга «аёллардаги ҳайз жараёни пайтида улардаги жаҳлдорлик, йиғлоқлик ва оғриқларнинг табиий ҳолат эканлигини» сўзлаб бераётганлиги қулоғимга чалинди. Қарангки, онаизорим умрлари давомида ўзларида бўлган ўзгаришларни ҳам бу ҳолга боғламай «гумроҳона» яшаганликларини ўз келинларига иқрор бўлиб айтиб бераётган эди… Икковлон суҳбати мен учун ҳам кўп нарсаларга ойдинлик киритди. Демак, илк рафиқам билан оилам бузилишига теградагилар, мен, онам ва ҳатто унинг ўзи ҳам ўзлигидаги физиологик ўзгаришлар моҳиятини англаб етмаганлиги сабаб бўлганмикин? Умуман олганда, аёллардаги ҳайз жараёни ҳақида нафақат оналар ва қизлар, ҳаттоки эрлар бохабар бўлсалар мақсадга мувофиқ бўлармиди? Сиз бунга нима дейсиз?»

С.


Изланишлар шуни кўрсатадики, бу борадаги мукаммал ўгитлар мажмуи Ислом дини қарор топгачгина яратилган, холос. Шу боис, динимиз уламоларининг ҳар қандай асарларида «ҳайз ва нифос» боби мавжуддир. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ ҳадислар» тўпламида «аёллар раҳмидан ҳар ойда бир келадиган қон» борасида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салам: «Бу Одам алайҳиссалом қизларининг пешонасига азалдан ёзилмишдир» деганлари ҳақида маълумот келтирилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: Бани Исроил, яъни яҳудийлар аёллари ҳайз кўрсалар улардан ижирғанишар, бирга ётиш тугул, ҳатто бирга овқатланишмай ҳам қўйишар ва аёлларнинг изтироб чекишига сабаб бўлишар экан. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломдан бу борада сўраганларидан сўнг Қуръони каримдаги қуйидаги оят нозил бўлган экан: «Сиздан ҳайз тўғрисида сўрайдилар. Айтинг : «У (эр – хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтларида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангизлар! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингизлар (қовушаверингизлар). Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади.»
(Бақара сураси – 222 оят, Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси).

Бу оят нозил бўлгач, Пайғамбар алайҳиссалом «яқинлашмаслик ва аёллардан четланиш» маъноси жинсий яқилликкагина тегишли эканлигини, аёлларни асло яккалаб қўймаслик лозимлигини саҳобаларга уқдирганлар.
Ҳанафий мазҳаби уламоларининг ҳайз борасидаги таърифи замонавий тиб олимлари фикрига анча яқинлиги билан тажралиб туради: «Ҳайз – тўққиз ёшдан эллик беш ёшгача бўлган, бемор ёки ҳомиладор бўлмаган аёллар раҳмидан ҳар ойда келиб турадиган қон бўлиб, у уч кундан ўн кунгача давом этиши мумкин. Бу муддатдан оз ёки ортиқ келадиган қон истиҳоза дейилади.»
Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ): «Ҳайзнинг энг кам муддати бир кеча – кундуз» деганлари «Ҳидоя»да келтирилган.
Ушбу хусусдаги ояти каримада «Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингизлар (қовушаверингизлар) » деган амр ҳайзи тугаган аёл ғусл қилиб поклангач, у билан орқадан эмас, олддан яқинлик қилиш лозимлигини англатади. Афсуски, иймони заиф, «шаҳват қули» бўлиб қолган айрим кимсалар аёлга ҳайз кўраётган пайтда ҳирс қийноғига чидай олмай ортдан яқинлик қилишга интилишлари гуноҳи – кабиралигини англаб етишмайди. Эҳтимол қўшхотинликка изн этилишининг сабабларидан бири ҳам шу давр билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Умуман олганда, аёлларга хос бу жараённинг мураккаб, чигал жиҳатларига уламолар аллақачон аниқлик киритиб, ўгитлар мажмуини ишлаб чиқишганлигига мавриди билан тўхталамиз.
Маълумингизким, танадаги жамики аъзолар фаолияти учун зарур бўлган барча моддалар ва кислород тўқималарга қон орқали етиб боради. Ҳар ойда муттасил йўқотиладиган 60-80 мл қон ҳам салмоқлигина қувват манбаи йўқотилиши демакдир. Ҳайз, нифос, туғруқ ёхуд аборт каби жараёнларда йўқотиладиган қоннинг ўрни ўз пайтида тўлдирилмаслиги, камқонлик келиб чиқишига сабаб бўлади. Бундай ҳолатда эркаклар юқоридаги илк мактуб муаллифининг умр йўлдоши каби оқилона тадбир қўлласалар мақсадга мувофиқ бўларди. Келинг, яхшиси юқоридаги мактублардан ҳикматлар уқишга уринайлик.
Биринчидан, аҳли аёллари ҳайз кўриб, тинка мадори қуриётган пайтда камқонликни бартараф қилишда қўл келадиган озуқалар, айниқса, гўшт ва сара ҳўл мевалар билан уларни таъминлашга аҳамият бериш ҳақиқий эрларга хос хислатдир. Айниқса, шу пайтда оғир жисмоний меҳнат қилиш йўқотилаётган қон ҳажмини бир неча баробарга кўпайтириши билан хатарлидир. Тасаввур қилинг, шундай кезда елкасига пахта тўла фартукни орқалаган теримчи сингилларимиз ёхуд оғир юкни ортқилаб ипподромга ошиқаётган опаларимиз не кўйга тушишади?!
Иккинчидан, шу жараён ўтгач, аёлда дармондорили озуқаларга эҳтиёжмандлик туғилади. Чойхонадаги ишратга сарфланадиган харажатнинг бир қисмини рафиқалар озуқасига харж этиш тўғри эмасмикин?
Қолаверса, шундоғам ёвғон шўрва қайнатиб, ичидаги яккам-дуккам гўшт бурдаларини болалари ва ширакайф эрининг идишига солишни одат қилган, заҳматкаш ўзбек аёли камқонлик каби дардларга гирифтор бўлмай нетсин, ахир.
Учинчидан, кўпчилик эркаклар аёлларнинг ҳайз жараёни бошланиши арафасида ғазабнок тусга кириши меъёрий физиологик ҳолат эканлигидан бехабардирлар. Тиббиётда “ҳайз олди синдроми” дея аталувчи бу ҳолатни бошдан кечираётган аёллар кўз қарашларида “тажовузкор шер” нигоҳини илғаш ҳам мумкин экан. Афсуски, айнан шундай пайтда қайнона-келин, эр-хотин можаролари кескин тус олади. Гоҳида эр аёлини тушуниш ўрнига, ойда бир “айниб” қоладиган рафиқаси баҳридан ўтиб қўя қолиши мумкин. Демак, бундай ҳолатларда эр ва қайноналарда сабр бўлса, бас, ажралишларнинг олди олинади.
Тўртинчидан, аҳли аёлига зебу зийнатлар эмас, одми либослару сифатли озуқалар олиб беришга одатланган эрлар тадбири албатта таҳсинга сазовордир. Зеро, ҳозирги кун қизларининг кўпчилиги, айниқса, талабалар ота-оналари кундалик овқатланишга берадиган пулларини ҳам емай-ичмай, кийим-кечак, зебу зийнат олишмоқда. Натижада, шундоғам заифлашган организмлари касалликларга мойил бўлиб қолмоқда.
Бешинчидан, 45-50 ёшлардаги аёллар эркакларнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлиб қолишади. Юқорида илк келтирилган ҳикоямизда климакс жараёнини бошдан кечираётган опамизнинг ҳолатини “эрсираш” эмас, оқил эр кишининг далдаларига маҳталлик дея тушиниш лозим. Айрим, қўрсроқ раҳбарлар бундай кезларда ўзлари ҳам аёлдан туғилганлигини эслаб қўйсалар, яхши бўларди.
Қарангки, айрим ривожланган мамлакатлардаги баъзи корхоналар раҳбарлари ҳайз кўраётган, ҳомиладор ёхуд климаксни бошидан кечираётган аёллар учун махсус хоналарни ажратиб, уларнинг иш ҳажмини анча енгиллаштириб ҳам беришаётган экан. Ана ғамхўрлик, мана ибрат!
Уламоларнинг фикрича, мусулмончиликдаги “ожиза”лик аслида “азиза”ликка менгзалса бўладиган тушунча экан. Ҳақиқий аёл фароғати ва бахти ҳақида қайғуриш Исломга хосдир. Чунки “ожиза, заифа” каби атамаларни мусулмон эркаклар кундалик эҳтиёжларда аёлига нисбатан деярли ишлатишмайди. Улар бу атамаларни ишлатишганда ҳам аслида эркакларнинг аёллар учун масъуллигини эслатиб, уларнинг елкасига турмушнинг оғир юкларини ортмасликлари учун аёлларнинг “заифа”лигидан огоҳ этадилар. Умуман олганда, Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири бўлган аёлларимиз, “ожиза” аталсаларда, аслида кўкларга кўтариб ардоқлашимиз зарур бўлган АЗИЗАларимиздир.
Manba: tib.uz
Просмотров: 1782 | Добавил: Sayyod_Bek | Рейтинг: 5.0/1
Eng ko'p o'qilganlar
Материалов за текущий период нет.
Homiladorlik Taqvimi
Saytdan izlash
So'rovnoma
Saytda sizga nimalar yoqmaydi ?
Всего ответов: 1
Saytga Kirish

Hisobot


Reklama